«Tashkent Book Fest» III Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси якунланди

04.11.2022, 22:30

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан «Ўзэкспомарказ»да анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Tashkent Book Fest” Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бугун ўз ишини якунлади.


Кўргазма-ярмаркада Арманистон, Беларус, Буюк Британия, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон каби давлатлардан соҳа мутасаддилари, нуфузли экспертлар, етакчи нашриётлар ва китоб савдо ташкилотлари вакиллари, маҳалий матбаа ва ноширлик корхоналари ходимлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.


Уч кун давом этган халқаро тадбирнинг ёпилиш маросимида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, "Маънавият" нашриёти бош муҳаррири Музроб Бўронов ва бошқа масъуллар иштирок этди. Унда китоб фестивали якунлари сарҳисоб қилиниб, унинг аҳамияти, мамлакатимизда ахборот, ноширлик, матбаачилик соҳаларини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдаги муҳим ўрни алоҳида эътироф этилди.


"Бу йил учинчи бор ташкил этилган "Tashkent Book Fest" Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг кенг миқёсда ўтгани, ўзининг мақсади, мазмуни ва моҳияти билан барча ёшдаги китобхонларнинг эътиборига тушгани, иштирокчилар сафининг кенгайгани қувонарлидир.


Бу каби тадбирлар аҳолининг китобга бўлган меҳрини оширади, ёшларни мутолаага чорлайди, ёзувчилар, ноширлар ва мутахассисларни янги ижодий марраларга ундайди", — дея таъкидлади Ғ.Бозоров.


Қайд этиш керакки, кўргазма-ярмарка доирасида бўлиб ўтган давра суҳбатлари, семинар-тренинг ва маҳорат дарслари, китобхонлик танловлари, турли акция ва маданий-маърифий дастурлар иштирокчиларга манзур бўлди.


Бугун, шунингдек, "Tashkent Book Fest" Ҳайъат аъзолари томонидан кўргазма-ярмарка доирасида ўтказилган "Энг яхши китоб" кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари эълон қилинди.


Бош мукофот — Гран-при “Манас” ҳамда Ч.Айтматов Миллий Академиясига (Қирғизистон) “Манас”ни дунёга танитганлар” номли китоблар туркуми ҳамда ноширлик соҳасида эришган юксак натижалари учун берилди.


Шунингдек, яна бир қатор номинациялар бўйича энг яхши номзодлар аниқланиб, I-даражали Диплом билан тақдирланди: 


"Энг яхши адабий-бадиий нашр" — “Академнашр” нашриётига (Ўзбекистон) ёзувчи Назар Эшонқулнинг 2 жилдлик “Сайланма” китоби учун;

"Энг яхши болалар адабиёти" — "Вятка” нашриётига (Россия) Тамара Копаневанинг “Вяткое далёко” китоби учун;

"Энг яхши илмий-оммабоп нашр” —  “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйига Абу Райҳон Берунийнинг 7-жилддан иборат Сайланма асарлар тўплами учун;

"Тарихий мавзудаги энг яхши нашр" — “Янги аср авлоди” нашриётига Набижон Боқийнинг «Қизил тошбўрон» номли китоби учун;

"Энг яхши  бадиий-безакли нашр" — “Замон пресс” нашриёт уйига “Алишер Навоий асарлари XV-XVI аср китобат санъати дурдоналарида“ китоби учун берилди.

Бундан ташқари, яна қатор қўшимча номинациялар орқали кўплаб нашриётлар тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.

Увеличить на0%