Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммитида ОАВ вакиллари учун зарур шароитлар яратилди

11.11.2022, 17:11

Бугун, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг  йиғилиши бўлиб ўтди. ТДТ Самарқанд саммитини ёритиш учун "Боқий шаҳар" мажмуасида барча зарурий шарт-шароит яратилган 3 та йирик матбуот маркази иш олиб борди.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлат раҳбарлари йиғилиши ва унинг доирасидаги тадбирларни жаҳон ахборот маконида кенг ёритишда қарийб 600 га яқин  маҳаллий ва хорижий журналист иштирок этди. 

Матбуот маркази фаолиятига жалб қилинган 50 дан ортиқ маҳаллий эксперт ушбу ташкилотнинг ҳар бир соҳада давлатлар манфаати йўлидаги аҳамияти тўғрисида ОАВ вакилларига интервью беришди.

Шу қаторда, матбуот марказида Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича мутасадди раҳбарлар иштирокида брифинг ўтказилди ва маҳаллий-хорижий журналистлар учун интервьюлар ташкил этилди. 

"Боқий шаҳар" мажмуасидаги Конгресс-марказда ТДТ давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш матбуот марказида ҳавола орқали ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда, шунингдек,  катта мониторларда тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Давлат раҳбарларининг нутқлари синхрон таржима орқали, иштирокчи мамлакатларнинг она тилида тақдим этилди. 

ТДТ Самарқанд саммитининг яна бир аҳамиятли томони, давлат раҳбарлари йиғилишидан сўнг мамлакат етакчилари Самарқанддаги Регистон майдони ёнидаги хиёбонда дарахт экдилар. Дарахт экиш маросими бир вақтнинг ўзида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрия пойтахтларида, мамлакатимиз ҳудудларида ҳам бўлиб ўтди ва барча жараёнлар онлайн тарзда бевосита узатилди.

Бу вақтда Конгресс-марказда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов ва Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби вазифасини бажариб келган Боғдод  Амреев иштирокида брифинг ўтказилди. Унда Самарқанд саммитида илгари сурилган ташаббуслар, уларнинг долзарблиги ҳақида маълумот  берилди.

Уч кун давомида иш олиб борган матбуот марказида юқори тезликдаги интернет, Wi-FI таъминоти ва техник ускуналар, умуман, оммавий ахборот воситалари  ва экспертлар учун яратилган имкониятлар ТДТ Самарқанд саммити ва унинг доирасидаги тадбирларнинг самарали ёритилишига хизмат қилди.

Шунингдек, ТДТ давлат раҳбарлари йиғилиши ва бошқа тадбирлардан сифатли фото ва видеоматериалар тезкор хостингга жойланиб, ОАВга ҳавола орқали тезкор ва ўз вақтида тақдим этилди.

Увеличить на0%