«Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда журналистлар малакасини ошириш» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди

29.11.2022, 11:00

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Олий суд ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ суд жараёнларини ёритишда журналистлар малакасини ошириш” мавзусида икки кунлик семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Семинар-тренинг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва East-West Management Institute НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад — гендер зўравонлик билан боғлиқ жараённи ёритишда журналист ва блогерлар билими, кўникмасини ошириш, судлар фаолияти ёки муайян суд ишини ёритишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашишдан иборат.

Машғулот давомида малакали ва тажрибали мутахассислар гендер зўравонлигига қарши курашда одил судловга эришишга доир ҳуқуқий мезон, ОАВ ва ижтимоий тармоқда гендер зўравонлиги масаласини ёритиш амалиёти таҳлили, “нафрат тили”, миллий қонунчиликдаги зўравонлик тушунчалари ва қонунни қўллашда вужудга келадиган муаммолар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Садоқат Асланова, АОКА бўлим бошлиғи:

«Сир эмас, сўнгги вақтда ижтимоий тармоқда хотин-қизларнинг зўравонликка ёки таҳдидга учраши билан боғлиқ маълумотлар тез-тез тарқалмоқда. Энг ёмони, бундай воқеалар фарзандлар кўз ўнгида юз бераётган мисоллар ҳам учраб турибди. Афсуси кўпинча журналист ёки блогер жараённи ёритишда ҳодисанинг оқибати ҳақида ўйламаяпти. Аксинча, шов-шув кўтариш, обуначи ортидан қувиш, ҳиссиётга берилиш ортидан инсоннинг ҳаётига, руҳий дунёсига таҳдид солиш ҳолати келиб чиқишига сабаб бўлиб  қоляпти. Шу жиҳатдан бугунги тадбир ҳамкасбларимизнинг аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид билими, кўникмаларини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли. 

Агентлигимиз фаолияти давомида гендер масалалари тўғри ёритилишини таҳлил қилиш мақсадида доимий мониторинг олиб боради. Бугун ОАВда, ижтимоий тармоқда аёллар, болалар, умуман, инсон шаъни ва қадр-қимматига дахл қилиш, инсонийлик омили, қонун билан ҳимояланган фуқаролик ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Аслида, чоп этилаётган ҳар қандай мақола, хабар ёки маълумот инсонни яшашга, ҳаракатланишга, яхши ҳаёт кечириб, бошқаларга ўрнак бўлишга ундаши керак».

Семинарда ижтимоий тармоқда зўравонликка қарши самарали курашиш омиллари, гендер зўравонлик масаласи бўйича одил судловга эришишда ОАВ ва журналистлар имконияти, ушбу мавзуни ёритишнинг ахлоқий жиҳати, медиа макондаги мавжуд гендер қолипларини бартараф этиш йўллари каби долзарб мавзулар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Увеличить на0%