Коррупцияга қарши барча бирдек курашиши лозим

29.12.2022, 17:21

Ушбу мақола «Истеъмол маданияти» газетасининг 2022 йил, 29 декабрдаги 24-сонида чоп этилган)


Ҳар бир мамлакатнинг энг асосий душмани, унинг бугуни ва келажагига, тараққиётига болта урадиган иллат бу – коррупциядир. Биз узоқ йиллар давомида юртимизда кенг томир отган бу муаммони тан олмадик, у ҳақда етарлича гапирмадик, муҳокама қилмадик, йўлига ғов бўлмадик. Бунинг оқибати эса жамиятимизнинг ҳар бир бўғинида ўзини намоён этиб турибди.


Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши ҳақиқий, аёвсиз кураш бошланди. Оддий хизматчилардан тортиб, раҳбарларгача қўлга олинди, тегишли жавобгарликка тортилди. Бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда. Энг муҳими, коррупцияга қарши курашиш тизимли тус олди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳар бир ташкилот ва идорада комплаенс-назорат бўлимлари ташкил этилди. Буларнинг ҳаммаси – коррупцияга барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.


Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг энг асосий шартларидан бири бу – очиқлик. Бу борада сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бир қатор муҳим ҳужжатлари қабул қилинди. Президентимизнинг “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти.


Давлат органларининг очиқлигини таъминлашда ҳар бир ташкилотда йўлга қўйилган ахборот хизматлари фаолияти муҳим рол ўйнайди. Ўтган 3 йилда Президентимизнинг тегишли қарори асосида давлат органлари билан аҳоли ўртасида ишончли мулоқотни ўрнатиш учун 380 га яқин давлат ташкилотида ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилди. Матбуот котиблари фаолияти юзасидан ўтказиладиган рейтинг баҳолаш натижалари бўйича сўнгги уч йилда юқори даражали матбуот котибларининг сони 6 баробарга ортди.


Бугун ҳар бир ташкилот очиқлиги учун ахборот хизмати раҳбари шахсан жавобгар этиб белгиланган. Бу борада ҳар бир матбуот котибининг масъулияти ва тажрибасини ошириш, билим ва кўникмаларини юксалтириш, ОАВ ва жамоатчилик билан фаол мулоқотда бўлишига устувор аҳамият қаратяпмиз. Мақсад – одамларнинг давлат органларига берган саволларини эътиборсиз ва жавобсиз қолдирмаслик. Бунда бизга йил давомида махсус медиа-режа асосида ташкил этилаётган брифинг, пресс-тур ва матбуот анжуманлари яқиндан кўмак беряпти. Ҳар йили, ҳудудлар билан ҳисоблаганда, ўртача 8 минг атрофида тадбирлар ўтказиляпти.


Гап коррупцияга қарши курашиш ҳақида кетар экан, бу борада ахборот соҳасининг ҳам муҳим ўрни бор эканини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали тўғри тарғибот ва ташвиқот олиб бориш жуда муҳим. Бунинг учун эса, биринчи навбатда, Агентлик ходимлари, қолаверса, соҳага алоқадор барча мутахассислар етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиши талаб этилади.


Шу маънода, Агентлигимизда ҳар ойда ходимлар иштирокида мавзуга доир махсус ўқув-семинарлар, масъул идоралар билан ҳамкорликда давра суҳбатларини ўтказиш йўлга қўйилган. Ушбу тадбирларда коррупциянинг пайдо бўлиш шакллари ва ўзига хос жиҳатлари, сабаблари, ижтимоий жиҳатдан хавфли ва зарарли оқибатлари тўғрисида умумий тасаввурни шакллантириш, амалдаги қонунчилик, умумэътироф этилган этика ва коррупцияга қарши хулқ-атворнинг ахлоқий қадриятларига риоя қилишга асосланган хулқ-атвор моделини шакллантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.


Бундан ташқари, ходимларни амалдаги коррупцияга қарши кураш тамойиллари, талаблари ва тартиб-таомиллари билан таништириш, коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига хизмат қилувчи шарт-шароитларни ажрата билиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга устувор аҳамият қаратиляпти.


Агентлик расмий веб-сайтида Комплаенс-назорат рукни ташкил этилган бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тарғибот материаллари бериб бориляпти.


Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга тўхталмоқчиман. Бугунги ахборот асрида журналистларнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини шакллантириш, уларга зарур маълумотларни тақдим этиш, керак бўлса, кўникма ва малакаларини ошириш жуда долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Агентлик томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда барча ҳудудларда ОАВ учун махсус тадбирлар ташкил этиляпти.


Семинарларда жамиятдаги коррупция муаммолари ва таҳдидларини ёритишда ОАВ салоҳияти ва берилаётган материаллар сифатини ошириш, ушбу мавзудаги журналистик суриштирувни кўпайтириш, журналист ва блогерларнинг коррупцияга қарши курашиш мавзусида материаллар тайёрлаш борасидаги билим, малака ва тажрибасини оширишга эътибор қаратиляпти.


Айримлар коррупцияга қарши курашиш фақатгина масъул идоралар ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деб ҳисоблашади. Аслида эса бу иш билан барчамиз бирдек шуғулланишимиз зарур. Зеро, жамиятимиз тараққиёти ва фаровонлиги, қонун устуворлиги учун барчамиз бирдек жавобгармиз.


Асаджон ХОДЖАЕВ,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори

Увеличить на0%