АОКА Ички аудит хизмати томонидан қатор Ахборот-кутубхона марказларида жорий ўрганишлар олиб борилди
АОКА Ички аудит хизмати томонидан “Давлат аудити” дастурий комплексида рўйхатдан ўтган жорий йилнинг “Йиллик иш режа”сига асосан Андижон, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 23 та ахборот-кутубхона марказида “Жорий назорат тадбир”лари ўтказилди.
Шунингдек, “Камерал назорат” (масофадан туриб “УзАСБО” ва бошқа дастурий мажмуалардан фойдаланган ҳолда камерал назорат тартибида ўрганишлар) тадбирларида аниқланган шубҳали ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида режадан ташқари Қашқадарё ва Наманган вилоятларидаги 8 та АКМда ҳамда фуқаро мурожаатига асосан Самарқанд вилояти АОКБда “Жорий назорат тадбири” ўтказилди.
Жорий йил 13 февраль куни ўрганишлар натижаси таҳлили юзасидан Тошкент шаҳридаги «Билим» ахборот-кутубхона марказида туман ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ва бош ҳисобчилари учун «Бошқарувни самарали ташкил этиш асослари» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўлим бошлиғи Қ.Турсунов, Режа-молия бўлими бошлиғи А.Рахмонов, Ички аудит хизмати бошлиғи А.Саломов, Миллий кутубхона директор ўринбосари С.Жампўлатовлар иштирок этдилар.
Тадбирда аҳолига кутубхона хизмати кўрсатишнинг сифат даражасини ошириш, ходимларга устамалар белгилаш, яхши фаолият олиб бораётган ходимларни рағбатлантириш ишларини ўрнатилган тартибда амалга ошириш борасида назарий тушунчалар берилди.
Шунингдек, мавжуд муаммолар ечими ва келгусида уларнинг олдини олишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Семинар якунида аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва тузатиш борасида Агентлик мутасаддилари томонидан тегишли кўрсатмалар берилди ва вазифалар юкланди.