Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун семинар-тренинглар давом этмоқда

24.03.2023, 19:37

Жорий йил бошидан буён Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги давлат органлари ва ташкилотлар, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизмати фаолиятини тубдан яхшилаш, матбуот котибларининг ишини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида соҳа мутахассислари, фахрийлар иштирокида қатор семинар-тренинглар ўтказиб келмоқда.



Бугун АОКА ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлиги ҳамда журналистика ва коммуникациялар бўйича халқаро эксперт Жонатан Чарлз иштирокида ахборот хизматлари раҳбарлари учун маҳорат курси ва тренинг машғулоти ташкил этилди.


Ўқув курсида халқаро эксперт матбуот котибларининг коммуникациялар стратегияси ва идоралараро мулоқотни мувофиқлаштириш борасида батафсил тушунча берди.

– Кузатишларимда, аксарият матбуот котиблари иш фаолиятида устуворликни оммавий ахборот воситалари билаш мулоқот қилиш, улар орқали жамоатчиликка ахборот етказишга қаратишади. Аниқроқ айтганда, ОАВ ва ташкилоти ўртасида бевосита боғловчи "кўприк" эканлиги асосий тамойилга айланган. Ахборот хизмати раҳбари, шу билан бирга кучли маркетолог бўлиши лозим. Сиз ўзингизни ишлаётган ташкилотингизнинг маркетологи сифатида баҳоланг. Сизга тегишли бўлган функция ва ваколатлар борасида раҳбарингизнинг чинакам маслаҳатчиси бўлишингиз лозим,- деди Ж.Чарлз нутқи давомида.


Шунингдек, Жонатан Чарлз ҳар бир матбуот котиби аниқ мақсадли, манзилли стратегия ишлаб чиқиши, у фаолият юритаётган давлат органи томонидан амалга оширилаётган ишлар, ислоҳотлар "инсон манфаатлари учун" тамойилига асосланганини конкрет кўрсатиб бера олиши, ахборотларни очиқ ва шаффоф тарзда етказа олиши, бунда мавжуд барча ахборот ресурсларидан самарали фойдалана олиши кераклигини таъкидлади.


Халқаро эксперт сўзи давомида Ўзбекистонда олиб борган тадқиқотлари ва ўрганишларида давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятларида кузатилган камчиликлар ва муаммолар борасида ҳам тўхталиб ўтди ва уларнинг ечими сифатида таклифларини билдирди.


Семинар тренинг сўнгида матбуот котиблари ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Жонатан Чарлз мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Тадбир ахборот хизматлари раҳбарлари фаолияти учун самарали ва мазмунли ўтди.


Увеличить на0%