Ўзбекистон делегацияси Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлатлари ва Грузия болалар ҳамда ўсмирлар адабиёти халқаро форумида иштирок этди
Жорий йилнинг 30 август -1 сентябрь кунлари Москвада Россия Маданият вазирлиги ва МДҲга аъзо мамлакатларнинг гуманитар ҳамкорлик давлатлараро фонди кўмагида Россия давлат болалар кутубхонаси, "Растим читателя" ("Китобхонни улғайтирамиз") ҳамда Россия китоб Уюшмалари ҳамкорлигида "Болалар адабиёти тилида: болалар адабиёти ва мутолааси соҳасида ҳамкорлик" Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва Грузия болалар-ўсмирлар адабиёти халқаро форуми бўлиб ўтди.
Форум дастуридан болалар адабиёти, таржимаси, иллюстрация ҳамда китоб безаклари бўйича иштирокчи давлатлар тажрибаси, амалий ва назарий билимлар юзасидан маърузалар, тақдимотлар ўрни олган.
Халқаро тадбирда МДҲга аъзо давлатлардан болалар ёзувчилари, рассом-иллюстратор, дизайнерлар, кутубхоначилар, экспертлар, шу жумладан Ўзбекистон делегацияси қаторида АОКА, Миллий кутубхона ва Ёзувчилар уюшмаси вакиллари иштирок этди.
Форум доирасида ташкил этилган турли мавзу ва йўналишдаги панел йиғилишларида болалар адабиёти ва мутолааси бўйича статистик маълумотлар, тенденциялар ҳамда истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, болалар ва ўсмирлар адабиётлари соҳасида Россия миллий мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган халқаро форум болалар адабиёти ва мутолаасини ривожлантириш, бунда нашриётлар ва кутубхоналарнинг аҳамиятини янада оширишда МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади.