Инсон ҳуқуқлари ҳимоясида давлат сиёсати ва халқаро мажбуриятлар: ахборот хизматларининг вазифалари нималардан иборат?

27.09.2023, 15:56

Бугун АОКАда вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамда ҳокимликлар ахборот хизматлари ходимлари, оммавий ахборот воситалари учун “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати ва мазкур соҳада халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши масалалари”мавзусида ўқув курслари бошланди.


Ўқув курсини Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди. Кириш сўзи давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бунда ОАВ ва ахборот хизматлари имкониятлари кенглигини алоҳида таъкидлаб ўтди. 


Шунингдек, ўтган йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясига тўлақонли мувофиқ ҳолда тўлдирилгани, унда инсон ҳуқуқлари ҳимояси юксак даражада мустаҳкамланганини қайд этди.


Тадбирда сўзга чиққан АОКА директори А.Ходжаев инсон ҳуқуқлари ҳимояси глобал миқёсда долзарб эканлигини, мамлакатда сўз эркинлигини, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш, фуқроларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсад қилинганлигини эътироф этди.


➖Мамлакатимиз медиа-маконида ахборот оқими ҳажми ҳамда тезлиги ошиши оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат органлари ахборот хизматларининг масъулияти ҳам мувофиқ равишда ортишини талаб этади. Фейк хабарлар, манипуляция ва дезинформация фактлари кўпайиб бораётган шароитда соҳа ходимлари нафақат оператив ишлаши, балки инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликка риоя қилиши, хусусан, шахс ва унинг қадр-қиммати билан боғлиқ маълумотлар билан профессионал даражада ишлаши зарур, деди А.Ходжаев сўзи давомида.


Ўқув курси давомида мутахассис ва экспертлар томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли, бунда сўз эркинлигининг муҳим индикатор сифатида хизмат қилиши, шунингдек, болалар, ногиронлар ҳимояси, шу ўринда парламент ва ҳукуматнинг роли, бу борадаги халқаро мажбуриятлар юзасидан маъруза қилишди.


Тадбирда матбуот котиблари инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, шу аснода фаолият юритаётган ташкилот нуфузини ҳам муҳофаза қилишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, мезонлар ва принциплар ҳамда бошқа соҳага оид саволларга жавоб олишди.


Ўқув семинари эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.



Увеличить на0%