Расмий баёнот

16.01.2024, 09:00

Nuz.uz интернет сайти ўз саҳифасида мухбир ходими Довлатов Михаил журналистик текширув олиб бораётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, жавобгарликка тортилганлиги юзасидан хабар берди ва бу ижтимоий тармоқларда кескин мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари, ахборот олиш эркинлигига оид масалалар қатор нормалар билан мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81- ва 82-моддаларида давлат ОАВ фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши, шунингдек, цензурага йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланган. 

Шунингдек,  “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ҳамда “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Қонунларида ҳам журналистнинг дахлсизлиги, унинг ахборот тўплаш ва текширув ўтказиш ҳуқуқлари ва кафолатлари, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик батафсил тавсифланган. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан муносабат билдиришлари, шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги мақсадида аниқ ўрганиш ҳамда тегишли хулоса ва чоралар кўрилиши бўйича  Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига сўров хати юборди. 

Таъкидлаш жоизки, ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради.

Увеличить на0%