“Реклама тўғрисида”ги Қонун ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилади

21.01.2024, 22:45

Олий Мажлис Сенатининг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.


Қонунда интеллектуал мулк, реклама ва давлат божи билан боғлиқ бўлган миллий қонунчиликнинг қатор нормаларини Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш мақсадида:


“Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”;

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”;

“Реклама тўғрисида”;

 “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”;

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.


 Хусусан, “Реклама тўғрисида”ги Қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитининг яратилиши кўзда тутилмоқда.


Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимлари талабларига мувофиқлаштириш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг жадаллашишига ҳамда интеллектуал мулк объектларининг ҳимоя қилинишини таъминлашга, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий инвесторларга бир хил шарт-шароитлар ҳамда тенг рақобат муҳити яратилишига хизмат қилади.


Увеличить на0%