Тошкент Аксилкоррупция медиа форумида сўзга чиққан АОКА директори Асаджон Ходжаевнинг нутқи
Ҳурматли
тадбир иштирокчилари!
Мамлакатимизда коррупциянинг
олдини олиш ва унга қарши курашишнинг илғор халқаро тажрибага асосланган
тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Бугунги медиа-форум ҳам
айнан шу борадаги билим ва фикрлар алмашинуви, қизғин муҳокамалар учун самарали
платформа яратиши мақсад қилинган.
Аввало, мамлакатимизда сўз эркинлиги ва оммавий
ахборот воситаларининг самарали фаолиятини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини
мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш керак. Бу
борада 10 дан ортиқ қонунлар, жумладан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги
тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш
кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва
кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги,
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида оммавий
ахборот воситаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириб,
уларнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни
кучайтириш назарда тутилган. Очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб,
фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини
амалга оширишнинг кафолатли таъминлаш режалаштирилган.
Мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар натижасида
бугунги кунда Ўзбекистонда 2300 дан
ортиқроқ оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда, бу 2016 йилга нисбатан 55
фоизга кўпдир. Уларнинг 65 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларидир.
Анъанавий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда, интернет-нашрлар ҳам
жадал ривожланиб, уларнинг сони 738
тага етди, уларнинг аудиторияси муттасил ортиб бормоқда.
2022
йилда
Ўзбекистонда дунё бўйлаб эфирга узатиладиган хорижий телеканалларнинг сони 50 тадан 122 тага етказилди. Ҳозирда уларнинг сони 190 тага етди.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари вакиллари
ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий
маслаҳат ва кўмак бериш муҳим масала ҳисобланади. Шуни инобатга олиб, Ахборот
ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари қошида
“Мулоқот платформалари” ташкил этилган. Мурожаатларни
Call-марказ орқали 1213 қисқа рақамига, шунингдек (71) 244-23-34 телефон
орқали юбориш мумкин. Мулоқот майдончалари тузилганидан буён мингга яқин
мурожаат келиб тушган.
Яна бир муҳим жиҳатни
таъкидлаш керакки, коррупцияга қарши курашишда ОАВ ва ахборот хизматларининг роли
жуда муҳим. Аввало, журналистлар фаолияти ёрдамида ушбу иллатнинг давлатга,
иқтисодиётга, фуқаролар манфаатларига жиддий зиён келтириши, жиноят содир этган
шахснинг ҳаёти буткул издан чиқиши ва жазо муқаррарлиги ҳақида аҳоли орасида
кенг тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Бир қатор ОАВ вакиллари ҳамда бефарқ
бўлмаган фуқаролар ижтимоий тармоқларда коррупциявий ҳолатларни фош этишда фаол
иштирок этиб, жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда.
Журналистга биринчи
навбатда нима керак? Кенг аудиторияни қизиқтирувчи маълумот керак. Бундай
маълумотлар сирасига халқ манфаатлари билан боғлиқ маълумотлар ҳам киради.
Демак, коррупциявий ҳолатлар билан боғлиқ ахборотлар журналистлар фаолиятида
устуворликка эга. Биз, давлат органлари, уларга ёрдам бериш учун амалга
оширишимиз керак бўлган энг муҳим қадам – очиқликни таъминлаш. Журналистларда
таҳлил қилиш учун маълумот кўп бўлиши учун давлат органларининг интернетдаги
очиқ маълумотлари доимий янгилаб борилиши, даврий равишда ташкилотлар раҳбарларининг
ҳисоботлари эшитилиши ҳамда ОАВ учун матбуот анжуманлари ташкил этилиши лозим. Кўриниб
турибдики, журналистлар ва давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари ўз
вазифаларини сидқидилдан бажариши жамиятга фақат фойда келтиради.
Ҳурматли
ҳамкасблар!
Давлат органларининг
очиқлигини таъминлаш, уларнинг ҳисобдорлигини ошириш масаласи Президентимиз
Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Буни ўтган йилларда
ахборот хизматлари институти фаолиятини такомиллаштириш ва давлат идоралари
очиқлигини таъминлаш борасида қатор қарор ва фармонлар қабул қилинганида ҳам
кўришимиз мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини
таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этиб бораётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ахборот воситалари
мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот
хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”
2019 йил
27 июндаги ПҚ–4366-сон қарори асосида ташкил этилган тизимга кўра, бугун
матбуот котиблари Ўзбекистонда ахборот сиёсатини юритадиган муҳим институтга
айланди. Замонавий тенденциялар, ахборот хуружлари
тобора глобал аҳамият касб этиб бораётгани ҳамда соҳага қўйилаётган
талабларнинг ортиб бориши бугунги каби учрашувларни тез-тез ўтказиш ва амалга
оширилган ишлар юзасидан фикрлашиб олиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги
Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб
чиқувчи ва амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади. Яхши биласиз Агентликка
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот фаолиятини мувофиқлаштириб бориш
ваколати ҳам берилган.
Ўтган йилларда жами бир ярим минг нафардан ортиқ матбуот
котиблигига номзодлар суҳбатдан ўтказилиб, муносиблари лавозимларга тайинланди.
Шу давр ичида 1400 нафарга яқин матбуот котиби аттестация қилинди,
уларнинг фаолияти ҳар олти ойда тасдиқланган мезонлар асосида баҳолаб
келинмоқда. Маълумот учун - 2019 йилда республикада 433 нафар ахборот хизмати
раҳбари фаолият юритар эди.
Шунингдек, Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари
раҳбарлари матбуот котибларининг жамоатчиликка Ўзбекистон Республикасининг
қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларининг ижроси, олиб
борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тезкор, холис ҳамда
биринчи манбаа сифатида тўлиқ ахборот етказиш, жамоатчилик ва оммавий ахборот
воситалари билан фаол мулоқот ўрнатиш, эълон қилинаётган танқидий материалларга
ўз вақтида ва сифатли муносабат билдириш борасидаги фаолиятини ўрганиб, баҳолаб
келмоқда.
Профессионал ахборот хизматлари ходимларини
шакллантириш, уларнинг касбий малакасини мунтазам ошириб бориш масаласи ҳам
доимий диққатимиз марказида турибди. Агентлик томонидан ўтган йилларда ахборот
хизматлари учун 200 дан ортиқ ўқув семинари ташкил этилиб, уларда 1500
нафарга яқин ахборот хизмати ходимлари иштирок этди.
Матбуот котибларини халқаро тадбирлардаги иштироки,
ўзаро тажриба алмашиши, малакасини ошириши масаласи ҳам жуда муҳим. Ўтган
даврда ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, инқирозли
коммуникация, дезинформация ва фейк хабарларга қарши курашиш, қисқа ва узоқ
муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш мақсадида
Журналистика ва коммуникациялар бўйича халқаро экспертлар, “Meta”, UNESCО,
“Wikipedia” каби ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида семинар
ташкил қилинди.
Ҳурматли
семинар қатнашчилари, меҳмонлар!
Ўзбекистонда давлат органларининг очиқлигини
таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шундан
келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан
2022 йилдан республикамизда давлат идораларининг “Очиқлик индекси” эълон
қилиб борилмоқда.
Агентлик томонидан баҳоланадиган индикаторлар
ташкилотларни ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш, аҳоли орасида резонансга эга бўлган
воқеаларга тезкор муносабат билдириш, ахборот тарқатиш қамровини кенгайтириш
каби кўрсаткичларни яхшилашга ундайди.
Ҳурматли дўстлар, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар
маълумотларнинг асосий манбайига айланган. Ахборотларни фойдаланувчиларга қулай
усулда етказиш мақсадида, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий
саҳифалари турли мессенжер ва ижтимоий тармоқларда юритилмоқда. Ўтган 5
йилда шундай саҳифаларнинг сони 1000 тадан 3,6 мингтагача ортганини
яхши кўрсатгич сифатида тилга олишимиз мумкин.
Сондан сифатга ўтадиган бўлсак, мессенжерлар орқали
маълумотларни олиш қулайлиги ортиши натижасида бугунги кунда ОАВларда эълон
қилинадиган материалларнинг камида 70 фоизининг манбаси сифатида ахборот хизматларининг
ресурслари кўрсатилмоқда.
Ҳурматли
тадбир иштирокчилари!
Республикада
давлат органларининг очиқлигини таъминлаш бўйича келгусида қиладиган ишларимиз
ҳам кўп.
Агентлик
томонидан ахборот соҳасидаги саккизта қонунни бирлаштирувчи Ўзбекистон Республикаси Ахборот кодексининг
дастлабки лойиҳаси тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Айни пайтда
ЮНEСКО ва ЕХҲТ/ДИИҲБ билан биргаликда кодекс лойиҳасини сўз эркинлиги
талабларига мувофиқлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Шунингдек,
ҳозирги кунда ахборот хизматларининг медиарежаларини шакллантириш, тасдиқлаш ва
ижросини назорат қилиш жараёнларини автоматлаштирадиган платформа синов
тариқасида ишга туширилган. Макзур дастур келгусида матбуот анжумани ва
брифинглар режаси билан онлайн танишиш имконини ҳам беради.
Жорий
йилда Давлат бошқаруви академиясида нуфузли халқаро экспертлар билан
ҳамкорликда ахборот хизматлари раҳбарлари учун доимий иш олиб борувчи курслар
ташкил этиш режалаштирилган. Ўйлаймизки, ушбу харакатлар мамлакатимизда очиқлик
сиёсатини изчил давом эттириш, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва
тарқатишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлашда ўз самарасини беради.