Биз давлатлар ўртасида ахборот соҳасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши билан тавсифланаётган “ҳақиқат инқирози” шароитида яшамоқдамиз – А.Ходжаев

19.12.2024, 20:41

Аввало, барча ҳамкасбларимни диёримизда қутлашга ва бугунги тадбирни ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам бергани учун ТДТ котибиятига самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Медиа ва ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 6-йиғилиши ҳамда Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳнинг 11-йиғилишини қабул қилиш биз учун катта шарафдир.

Ишончим комилки, Ўзбекистонга ташрифингиз давомида сиз нафақат самарали учрашув ва музокаралар ўтказасиз, балки ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти ва диққатга сазовор жойлари билан танишиш имкониятига эга ҳам бўласиз. Яна бир бор, Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикасини яқинда бўлиб ўтган Мустақиллик куни билан самимий табриклаб, биродар қозоқ халқига тинчлик-осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилайман. Шунингдек, “Туркий давр!” шиори остида ўтган Қозоғистоннинг Ташкилотимиздаги самарали раислигини алоҳида таъкидламоқчиман.

Озарбайжонлик ҳамкасбларимизни Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси – COP29 иштирокчилари конференциясининг 29-сессияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Бокудаги саммит иқлим кун тартибини янада илгари суриш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш билан боғлиқ таҳдидлар ва хатарларни жаҳон ҳамжамиятига етказишга кучли туртки берди.

Бундан ташқари, қирғизистонлик ҳамкасбларимизни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани билан табриклашга ижозат бергайсиз!

Ўз нутқимда ТДТ доирасида ахборот соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Нисбатан қисқа тарихий давр ичида ТДТ ШҲТ, АСЕАН, БРИКС ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, кенг кўламли давлатлараро бирлашмага айланди, десак муболаға бўлмайди. Ташкилот ўзининг 15 йиллик фаолияти давомида қардош туркий мамлакатларнинг барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминловчи омилга айланди.

Бугунги кунда ТДТ давлатлари деярли барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйди ва ушбу муносабатларни янада чуқурлаштирмоқда. Шубҳасиз, маданий-гуманитар ва ахборот соҳасидаги ҳамкорлик Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг асосий пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Бу, айниқса, жаҳондаги геосиёсий зиддиятларнинг кучайиши, мислсиз ишонч инқирози, дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган даврий қарама-қаршиликлар шароитида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда ТДТ давлатлари яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликнинг асл намунасига айланди, десак муболаға бўлмайди!

Ҳурматли ҳамкасблар!

Замонавий дунёда рақамли технологияларнинг ривожланиши жамоатчилик фикри ва онгини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар таъсирининг мисли кўрилмаган даражада ортишига олиб келди. Бу, айниқса, аҳолисининг 40 фоизини ёшлар ташкил этадиган ТДТ учун долзарбдир. Агар биз ёшлар билан тизимли равишда иш олиб бормасак, уларга ўз мақсад-муддаоларимиз ва холис маълумотларимизни етказмасак, бизнинг ўрнимизга буни бошқалар қилади.

Шу муносабат билан “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ва “Туркий дунё хартияси”да телевидение, ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситаларининг институционал ҳамкорлиги орқали ягона ахборот ва медиа маконни яратиш кўзда тутилган.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, ТДТда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди, норматив-ҳуқуқий ва институционал асосларни яратиш чоралари кўрилди. Медиа ва ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг йиғилишлари, ОАВ билан ишлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи қўмита ва бошқалар йўлга қўйилган бўлиб, самарали фаолият юритмоқда. “2022–2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси” тўлиқ рўёбга чиқарилди.

Ишончим комилки, Туркий республикалар ахборот агентликларининг ягона маркази, Туркий мамлакатлар журналистлари уюшмаси, шунингдек, Туркий телерадиоэшиттиришларни тартибга солиш органлари форумининг ишга туширилиши ахборот, илғор тажриба ва амалиётлар алмашиш соҳасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Соҳани ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш имконини берувчи медиа-форумларни мунтазам ўтказиб бориш яхши анъанага айланди. Шу маънода, Истанбул, Шуша, Туркистон шаҳарларида муваффақият билан ўтказилган медиа форумларни алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Медиа форумлар ТДТ доирасида ҳам, икки томонлама асосда ҳам ўтказилаётгани янада қувонарли. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида илк бор Ўзбекистон – Озарбайжон медиа-форуми бўлиб ўтди, унинг доирасида биз қардош мамлакатларимиз ахборот кун тартибидаги энг долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдик.

Мамлакатларимиз журналистлари учун мунтазам равишда пресс-турлар ташкил этилмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қирғизистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида пресс-турлар бўлиб ўтди.

Албатта, бу тадбирлар ҳамкорлик алоқаларимизнинг муҳим жиҳати бўлиб, нафақат журналистлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, балки ТДТ доирасида туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш орқали бой маданий ва тарихий салоҳиятни юзага чиқариш имконини беради.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугунги кунда ТДТ ўзига хос маданий-тамаддун маконини ўзида ифода этади. Бизни нафақат географик яқинлик, балки умумий тарих, тил, маданият, анъаналар ва маънавий қадриятлар ҳам бирлаштиради. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, олдимизда аждодларимизнинг буюк меросини ёш авлодга етказишдек буюк бир вазифа турибди.

Мамлакатларимиз аллақачон “Туркий адабиёт дурдоналари” номли кенг кўламли лойиҳани амалга ошириб, ҳар бир давлатнинг она тилида 100 жилдлик китоблар туркумини нашр этди. Тўпламга туркий адабиётнинг 600 дан ортиқ атоқли шоир, ёзувчи ва мутафаккирларининг асарлари киритилган. Ушбу лойиҳа мамлакатимизда маданият ва санъатга катта эътибор, қардош халқлар ва уларнинг санъатига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромдан далолат беради.

Биз Ташкилот мамлакатлари қардош халқларни бирлаштиришга қаратилган бундай лойиҳалар устида биргаликда ишлашни давом эттиришлари зарур, дея қатъий ишонамиз.

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти яқинда Бишкекда бўлиб ўтган ТДТ саммитида Туркий халқлар фольклорининг кўп жилдлик тўпламини Ташкилотга аъзо ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурди. Ҳеч шубҳасиз, бу туркий халқларнинг минг йиллар давомида тўплаган бой тарихий ўтмишини асраб-авайлаш ва ёш авлодга етказишга қаратилган муҳим ғоядир. Шу муносабат билан ушбу муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишларни тез фурсатларда бошлашни таклиф этаман.

Энг муҳими, бизда ҳали ишга солинмаган улкан ҳамкорлик салоҳияти мавжуд. Шу муносабат билан, бизнингча, истиқболли бўлган айрим ҳамкорлик йўналишларига тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан, дезинформация ва фейкларга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик. Бугун биз давлатлар ўртасида ахборот соҳасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши билан тавсифланаётган “ҳақиқат инқирози” шароитида яшамоқдамиз, сохта янгиликлар сони жадаллик билан кўпаймоқда, дезинформация кампаниялари олиб борилмоқда.

Бундай шароитда мамлакатларимиз учун юқоридаги таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича умумий ёндашувларни белгилаб олиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ниҳоятда муҳимдир. Ўйлаймизки, Тошкент коммюникесининг қабул қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиб, келгусидаги ҳамкорлигимиз учун устувор йўналишларни белгилаб беради.

Бу, шунингдек, етакчи ижтимоий тармоқлар маъмуриятларига Ташкилот мамлакатлари ушбу муҳим масалада ягона позицияни эгаллагани тўғрисида аниқ ишора бўлади.

Иккинчидан, дезинформация кўпайиб бораётган бир шароитда ТДТга аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида мамлакатларимиз тараққиётининг турли жиҳатлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ҳақида, шу жумладан, давлат теле- ва радиоэшиттириш воситаларида мунтазам равишда репортажлар тайёрлаш орқали холис ахборотни ва талаб юқори бўлган контентни тарқатиш амалиётини йўлга қўйиш ўта муҳимдир.

ТДТ доирасидаги ҳамкорликни мунтазам равишда ёритиб бориш бирлашмамиз маконидаги давлатлар ва уларнинг халқлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш йўлида умумий маданий ва ахборот маконини самарали шакллантириш имконини ҳам беради.

Учинчидан, келгусида ушбу ишларни ташкилотга аъзо барча давлатларнинг телерадиоэшиттириш сеткасида миллий каналларнинг иштирокини йўлга қўйиш орқали кенгайтириш ва чуқурлаштириш лозим.

Бу, ўз навбатида, маданий-гуманитар алоқалар уфқларини янада кенгайтириш, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлар жамиятлари ва халқлари мулоқотининг янги ришталарини боғлаш, туркий маданиятни биргаликда ривожлантириш бўйича ҳамкорликка туртки беради.

Ўзбекистонда мамлакат ҳудудида эфирга узатиладиган хорижий телеканаллар рўйхатига ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлардан 8 та телеканал киритилди. Хусусан, улар орасидан Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Туркманистон ва Қирғизистон телеканалларини қайд этиш мумкин.

Шу билан бирга, трансляцияни ташкил этишда ТДТга аъзо барча мамлакатлар учун тенг имкониятлар яратиш муҳимдир. Шу муносабат билан, Телерадиодастурларни ўзаро трансляция қилиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши ТДТ мамлакатлари телерадиоканалларини бирлашмага аъзо давлатлар ҳудудида трансляция қилишда тенг шароитлар яратишга ёрдам беради, деб ҳисоблаймиз.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда ягона ахборот маконини шакллантириш бўйича ишлар бошланган ва бу ТДТни узвий равишда тўлдириши муқаррар. Шу билан бирга, минтақавий телеканални ташкил этиш масалаларини, шу жумладан, ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатларни пухта ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчидан, сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ҳозир биз сунъий интеллект технологияси иқтисодиётнинг турли тармоқларида, илм-фан, тиббиёт ва бошқа соҳаларда фаол қўлланилаётганини кўриб турибмиз. Мутахассисларнинг фикрига кўра, сунъий интеллект инновацияларни рағбатлантириш ва моддий бойликларни яратиш орқали иқтисодий ўсишга улкан ҳисса қўшиши мумкин. 2030 йилга бориб сунъий интеллект жами глобал ишлаб чиқариш ҳажмига 12 триллион долларгача қўшимча қиймат келтириши кутилмоқда

Шу билан бирга, бутун дунёда сунъий интеллектдан тўғри фойдаланиш билан боғлиқ хавотирлар ортиб бормоқда. Сунъий интеллект одамларнинг нутқи ва ҳаракатларини ҳақиқатга ўта яқин шаклда тақлид қилувчи дипфейклар яратишга имкон бериши ҳеч кимга сир эмас. Ўз-ўзидан аёнки, дипфейк технологиясининг ривожланиши дезинформацияни янада фаолроқ тарқатиш ва аҳолининг кенг қатламларини чалғитиш имконини беради.

Шу муносабат билан, СИ технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга масъулият билан ёндашиш, улардан ҳаётимиз ва ишимизда ахлоқ талабларига мос, шаффоф ва масъулият билан фойдаланишни таъминлаш жуда муҳимдир. Ўйлайманки, ТДТ мамлакатлари ушбу масала бўйича ягона позицияни ишлаб чиқиши ва уни мунтазам равишда жаҳон ҳамжамиятига етказиши керак.

Сўзим якунида тадбиримизнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият ва мазмунли чиқишлар тилайман. Ишончим комилки, бугунги форум ТДТнинг бепоён ҳудудида маданиятлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва халқлар ўртасида ўзаро тушунишни янада яхшилашга ёрдам беражак.

Увеличить на0%