Озарбайжон ТДТга аъзо давлатлар ахборот вазирларининг 7-йиғилишига мезбонлик қилади

19.12.2024, 19:44

Бу ҳақда бугун "International Hotel Tashkent”да бўлиб ўтган ТДТга аъзо давлатлар ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 6-йиғилиши якунида маълум қилинди.


Йиғилишда АОКА директори Асаджон Ходжаев, ТДТ бош котибининг ўринбосари Мерей Мукажан, Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги ижрочи директори Аҳмад Исмоилов, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Канат Искаков, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги бошқарма бошлиғи Салқин Сарногоева, Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси Оммавий дипломатия департаменти раҳбари Оғуз Гюнер ўз нутқларида ахборот соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш борасида таклиф ва ташаббусларини билдиришди.


– Замонавий дунёда рақамли технологияларнинг ривожланиши жамоатчилик фикри ва онгини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқлар таъсирининг мисли кўрилмаган даражада ортишига олиб келди. Бу, айниқса, аҳолисининг 40 фоизини ёшлар ташкил этадиган ТДТ учун долзарбдир. Агар биз ёшлар билан тизимли равишда иш олиб бормасак, уларга ўз мақсад-муддаоларимиз ва холис маълумотларимизни етказмасак, бизнинг ўрнимизга буни бошқалар қилади.


Шу муносабат билан “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ва “Туркий дунё хартияси”да телевидение, ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситаларининг институционал ҳамкорлиги орқали ягона ахборот ва медиа маконни яратиш кўзда тутилган, деди АОКА директори Асаджон Ходжаев сўзи давомида.


Йиғилишда Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳнинг 11-йиғилишида бандма-банд таҳлил қилиниб, ўзгартиш ва янгиликлар билан тўлдирилган "ТДТнинг 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар режаси"ни тасдиқлашди.


Шундан сўнг, Озарбайжон делегацияси томонидан илгари сурилган Медиа ва ахборот соҳаси вазирлари ва юқори мартабали мансабдор шахсларининг 7-йиғилиши ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти Медиа ва ахборот бўйича ишчи гуруҳининг 12-йиғилишини Бокуда ўтказиш таклифи бир овоздан маъқулланди.

Увеличить на0%