Бокуда "Медиасаводхонлик" ҳафталиги бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 17 декабрь куни бўлиб ўтган ҳафталик доирасида бўлиб ўтган анъанавий "Медиасаводхонлик" III конференцияда мутасадди давлат ва хусусий ташкилотлар, академик муассасалар, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари, турли муассасаларнинг масъул ходимлари, соҳага оид маҳаллий ва хорижий экспертлар, шу жумладан, АОКА Рақамли саводхонлик ва медиатаълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Тоҳир Умаров, ЎзЖОКУ ректори ўринбосари Нозима Муродова ҳамда Озарбайжондан 500 га яқин экспертлар иштирок этди.
Конференциянинг очилиш маросимида сўзга чиққан Медиани ривожлантириш агентлиги ижрочи директори Ахмад Исмоиловнинг таъкидлашича, медиасаводхонликни ошириш – бу узлуксиз жараён бўлиб, етарлича кенг қамровли ва жамиятнинг барча қатламларини жамлайди, давлат институтлари, ОАВ ва жамият ўртасида соғлом тамойиллар ҳамда самарали мулоқотга асосланган коммуникацияни ўрнатиш, контент ишлаб чиқаришда ОАВнинг профессионаллигини ошириш бу йўналишда катта аҳамиятга эга.
Шу куни концеренция доирасида "Таълимда медиасаводхонлик" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Иштирокчилар рақамли технологиялар даврида таълимда медиасаводхонликни қўллашнинг долзарблиги, уни алоҳида фан сифатида ўқув дастурига киритиш ва умуман, бу соҳада амалга оширилиши мумкин бўлган истиқболли лойиҳаларни фаол муҳокама қилдилар.
Медиасаводхонликни ўргатиш ўқувчиларда танқидий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш орқали рақамли дунёда янада масъулиятли фойдаланувчи бўлишга ёрдам бериши, уларнинг ижтимоий-маданий салоҳиятини кучайтириши ва пировардида ўсмирлар ва ёшларнинг тўғри ахборотни танлаш қобилиятини ошириш орқали жамиятнинг умумий ахборот хавфсизлигига ҳисса қўшиши қайд этилди.
18 декабрь куни Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги мактабда "Медиасаводхонлик" ҳафталиги доирасида Медиани ривожлантириш агентлиги томонидан 60 нафар турли синф ўқувчилари учун "Медиасаводхонлик" дарси ташкил этилди.
Тренингнинг мақсади ўқувчиларга ахборотнинг мазмуни, тарқатиш ва истеъмол қилиш, танқидий баҳолаш, турли контекстларда фойдаланиш ва таҳлил қилиш бўйича билимга эга бўлиш қобилиятини шакллантиришдан иборат.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Рақамли саводхонлик ва медиатаълимни ривожлантириш бўлими бошлиғи Тохир Умаров тренер сифатида сўзга чиқиб, медиасаводхонлик нафақат тўғри ахборот манбаларини танлашга ёрдам беришини, балки жамиятнинг соғлом ва масъулиятли фуқароларини тарбиялашга ёрдам беришини таъкидлади. У тингловчиларга ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган янгиликларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва дезинформацияга қарши курашнинг турли усуллари ҳақида амалий маълумотлар берди.