"ОАВ ҳафталиги" – муаммолар муҳокамаси, натижа ва самаралар музокараси
Жорий йилнинг 26–27 июнь кунлари Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ташаббуси билан “ОАВ ҳафталиги” ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг биринчи куни – 26 июнь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биносида, иккинчи куни– 27 июнь куни “U-enter” инновацион марказида бўлиб ўтади.
Бугун ОАВ ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Замонавий медиа: муаммо, ечим ва истиқболлари” панел сессиясида таниқли журналистика ва медиа арбоблари, соҳа фахрийлари, ахборот соҳасидаги давлат органлари раҳбарлари иштирок этди.
Эркин ва самимий дўстона руҳда ўтган тадбирда соҳасидаги долзарб муаммолар, ечимлар ва истиқболлар муҳокама қилинди. Сунъий интеллект ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, миллий контентни ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Энг эътиборли жиҳати, панел сессияда иштирок этган кўплаб устоз журналистларга, ахборот ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган мутасаддиларга ЎзЖОКУ "Фахрий профессори" ҳамда "Фахрий доценти" унвонлари тақдим этилди.
Жумладан, АОКА директори Асаджон Ходжаевга ЎзЖОКУнинг "Фахрий профессори" унвони топширилди.
АОКА директори Асаджон Ходжаев ўз нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган қатор ислоҳотлар доирасида ОАВ ва матбуот, сўз эркинлиги, ахборот шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, қонунчиликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳақида гапириб, соҳани яна-да жадал ривожлантиришда муҳим таклиф-ташаббусларни илгари сурди. Жумладан:
Халқаро медиа стандартларига мос махсус тренинглар ва тажриба алмашув дастурларини кўпайтириш зарур. Журналистларнинг рақамли медиа, фактчекинг ва киберхавфсизлик соҳасидаги кўникмаларини ривожлантиришни;
Блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг фаолиятини қонун доирасида қўллаб-қувватлаш, уларни давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотда фаол иштирок этишга жалб қилиш;
Дезинформацияга қарши махсус онлайн платформалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолини медиасаводхонлик бўйича ўқитиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ҳафталик тадбирлари эртага ҳам давом этади. Дастурга мувофиқ, “Олтин қалам” миллий мукофотини топшириш маросими ҳамда “Бирлашма кубоги” футбол мусобақаси бўлиб ўтади.