“Ўзбекистон матбуоти архив ҳужжатларида” фото-кўргазмаси: мозийни акс эттирган тасвирлар
Бугун Тошкент Фотосуратлар уйида “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Бадиий Академияси, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги, Тошкент Фотосуратлар уйи, Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамкорлигида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан фото кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган 1928-2021 йилларга оид, Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини акс эттирувчи 150 дан ортиқ фотоҳужжат намойиш этилди.
Шунингдек, даврий нашрлар таҳририятларининг ижодий учрашувлари, босмахоналар фаолияти, интервью ва суҳбатлар, марказий ва ҳудудий, маҳаллий газета, журналлар ҳамда телерадио студияларининг иш жараёнлари, теледастур ва эшиттиришлар тайёрлаш, материаллар устида ишлаш, тасвирга олиш ва овоз ёзиш жараёнлари, ОАВ ходимлари учун ташкил этилган семинарлар, давра суҳбатлари, съезд ўтказилиши, турли мавзуларга бағишланган матбуот анжуманлари акс этган.
Бундан ташқари, телевидения ва радио биринчи сухандонлари, режиссёр ва операторлари, таниқли ва халқ суйган бошловчи ва сухандонлари фаолияти ёритилган.
Маълумот учун: ушбу кўргазма формати ва йўналишига кўра илк бора ташкил этилди.