Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
Кутубхона 1870 йили май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган. Фондини ташкил қилишга Халқ маорифи вазирлиги, Фанлар Академияси, Оммавий кутубхона, География жамияти, Россия бош штаби ҳамкорлик кўрсатиб, ўз фондларидан адабиётлар совға қилишган. 1870 йил май ойида 2200 томдан (1200 номдаги) ортиқ китоб йиғилиб, кутубхона фондининг асоси яратилган.
Кутубхонанинг қўлёзмалар фонди 1917 йилда 250 томни ташкил этган. Бу даврда кутубхонага Хива ва Тошкент литографияларида чиқарилган биринчи литографик китоблар харид қилинган. Бу литографиялар Алишер Навоийнинг “Хамса”си (1880), “Мунис девони”, ХVIII асрнинг машҳур шоири Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул ожизийн” (“Ожизлар матонати”) асарлари ва бошқа ноёб манбалардан иборат.
1920 йили кутубхонага Давлат кутубхонаси мақоми берилди ва у кескин ўзгарди. 1925 йилга келиб кутубхонанинг фонди 140 минг жилдга етди. 1920 йилдан бошлаб кутубхона Туркистон ўлкасида чоп этилаётган нашрларнинг мажбурий нусхалари тақдим этилган.
Марказий Осиё республикаларининг ташкил этилиши натижасида кутубхона Ўзбекистон халқ таълими қўмитасига буйсунади ва қайта ташкил этилган Марказий Осий республикаларида кутубхоначилик ишини ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсата бошлайди.
Ўзбекистон ҳукуматининг Қарорига кўра Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат оммавий кутубхонаси 1933 йилдан республиканинг шарқ қўлёзмаларини сақлаш Маркази деб эълон қилинган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда кутубхонанинг асосий вазифаси китоб фондларини тўлдириш ва кенгайтиришдан иборат бўлган. Бу вақтда Болгария, Венгрия, Германия Демократик Республикаси, Полша, Руминия, Чехословакия каби давлатлардан китоблар кела бошлаган. Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия Федератив Республикаси, Япония ва бошқа давлатлар билан ҳамдўстлик алоқалари йўлга қўйилган.
1948 йили кутубхонага буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номи берилди ва муассаса 350 ўринли ўқув залига эга бўлган уч қаватли янги бинода иш бошлади. Ўша пайтда нодир ва қадимий нашрлар бўлими ташкил этилиб, унда 2 мингдан ортиқ китоб, жумладан, 250 та автографли, 151 та экслибрисли китоблар жамланган эди. Айни пайтда бу фонд 16 мингдан ортиқ манбага эга.
1980 йиллардан фондни ўзбек тилидаги адабиётлар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратила бошланган. Ҳозирда уларнинг сони 600 мингдан ортиқ бўлиб, ўзбек мумтоз адабиётининг Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Фурқат, Муқимий, Завқий каби намояндалари ҳамда замонавий адабиёт ва илм-фан вакилларининг асарларидан иборат.
Кутубхона тарихидаги навбатдаги муҳим давр 2002 йилдан бошланди – шу йили 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентиниг “Илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони чиқди. Фармоннинг 8-пунктида республика илмий муассасалариларининг таклифи қабул қилиниб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси билан Республика илмий-техника кутубхонасини бирлаштириб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташкил этилди.
2002 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ кутубхонанинг мақоми – миллий ва хорижий адабиётларнинг асосий давлат хазинаси, кутубхонашунослик, библиографияшунослик, китобшунослик соҳасидаги илмий-тадқиқот, методик ишларни олиб борувчи ва мувофиқлаштирувчи илмий марказ этиб белгиланди.
2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – “Маърифат маркази” бунёд этилиб, ундан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси жой олди.
2012 йил 20 мартда қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кутубхона тузилмаси янгиланди, унинг бўлимлари ва хизмат кўрсатиш иши такомиллаштирилди, вазифалар кўлами кенгайтирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 9 августдаги “Нодир, алоҳида қимматли ва ноёб нашрлар сақланишини таъминлаш, уларнинг фондини тизимли кўпайтириш ва бойитиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ахброт-кутубхона муассасалари, музейлар фондларида сақланиб келинаётган қадимги қўлёзма ва ноёб китобларни электрон форматга ўтказиш, Миллий кутубхонада мавжуд бўлган нодир китоблар фондининг электрон каталоги билан қиёслаб, йўқ китобларни аниқлаш ҳамда Миллий йиғма электрон каталоги асосида мазкур нашрларнинг тўлиқ матнли электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, 800 ўринли 13 та ўқув залига ахборот-кутубхона фаолиятини юқори даражада олиб боришга мўлжалланган замонавий асбоб-ускуналар ва техник воситалар ўрнатилган, Wi-Fi тизими йўлга қўйилган. Бундай шароитлар китобхонлар ташрифи йилдан-йилга ошиб боришига имкон бермоқда.
“Ўзбекистон”, “Адолат”, “Истиқбол”, “Жаҳон”, “Тафаккур” ўқув залларида ташкил қилинган очиқ фондлар фойдаланувчиларни китоб жавонлари оралаб ўзига зарур бўлган китобларни бемалол излаши ва буюртма бериши, шунингдек, кутубхона фондига янги олинган манбалар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Кутубхона томонидан 2013-2014 йиллар давомида кутубхона фондларидаги илмий жиҳатдан бой адабиётларни тарғиб қилиш ва фойдаланувчига масофадан тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида 7 та техник лойиҳа, жумладан, “ISBN, ISSN ва УЎК, КБК” рақамларини бериш” интерактив онлайн хизмати, “Нодир нашр ва қўлёзмалар маълумот базасини яратиш, сақлаш ва аниқ тақдим қилиш жараёнини автоматлаштириш”, “Миллий кутубхонанинг ягона базаси асосида китоб ва журналларнинг статистик ҳисоботини автоматлаштириш”, “Диссертация ва илмий ишларнинг ягона базаси”, “Шахсий кабинет”, “Имидж каталог” дастурлари амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш, шунингдек, унинг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” 2017 йил 30 декабрдаги қарори асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Агентлик тузилмаси таркибига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Агентликка ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган мақоми берилди. Натижада Ўзбекистон Миллий кутубхонаси олдига янги вазифалар қўйилди.
Ушбу кутубхона ҳозирда мамлакатимиздаги барча ахборот-кутубхона муассасалари учун мувофиқлаштирувчи ва услубий марказ вазифасини ўтамоқда. Кутубхона ҳузурида ташкил этилган Республика услубий кенгаши кутубхоналар фаолиятини ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш, алоҳида кутубхоналар учун намунали низомлар, услубий-библиографик қўлланмаларни жорий этишга доир тавсияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда.
Директор: Тешабоева Умида Алимжановна
Қабул куни: Душанбадан жумагача, соат 8:00 – 11:00.
Манзил: Тошкент шаҳри, 100017, Навоий кўчаси, 1 уй.
Тел: (71) 232-83-92.
Факс: (71) 239-16-58.
E-mail: info@natlib.uz
Веб-сайт: www.natlib.uz